Скачать Демо музыку бесплатно в mp3 формате.
Добро пожаловать на наш Узбекский музыкальный сайт ELLO.UZ! На нашем сайте вы найдете альбомы популярных Узбекских исполнителей и сможете скачать их целиком. Все исполнители удобно отфильтрованы по жанрам. В верхней части сайта расположен поиск песен, где вы сможете найти любого Узбекского исполнителя, либо найти песню, которую вы так давно искали. Если вам нужно скачать музыку бесплатно в формате Узбекский MP3 и Узбекский Клип , то это именно тот сайт, который вам пригодится и вы можете его Добавить в Закладки.
,
BEK
BEK (Администратор)
Shuhrat
Shuhrat (Журналист)
ELLO
ELLO (Журналист)

29.03.2016

Кройфф қурган салтанат

Автор: Sport-Uz Комментариев: 0            Просмотров: 108
Кройфф қурган салтанат

24 март куни футбол оламининг энг ёрқин юлдузларидан бири - Йохан Кройфф Барселонада дунёдан кўз юмди. Ўйинчи ва мураббий сифатида ўчмас из қолдирган футбол фидойисининг ҳаёт билан видолашуви (саратон хасталиги оқибатида, 68 ёшда) ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Жумладан, «СЭ» нашри Кройфф ҳақида алоҳида мақола битди.

Эътироф

МХЛ доирасидаги «Сан-Хосе»-«Эдмонтон» беллашувидан кейин хоккейчи Игорь Ларионов билан кийиниш хонаси ёнида учрашув. Таниқли ҳужумчи ғамгинлик билан шундай деганди: «Бугун Кройфф ҳақида жуда кўп ўқидим. Ахир мен ундан илҳомланиб, шу даражага эришдим. Жумладан, хоккейчи сифатида ҳам». Мана, буюк спортчиларнинг ўзгаларга таъсирлари. Маълум бўлишича, юксак маҳорат фақат ўз соҳаси билан чекланиб қолмас экан. Россиялик хоккей меъмори Ларионов голландиялик футбол мэридан завқланиш орқали камолотга эришган. Мазкур эътирофни эшитган киши буюк Кройффдан ке­йинроқ туғилганига ачинади, гўё. Ахир кимларгадир уни футболчи сифатида кўриш насиб этмади-да. Спортчига нисбатан чинакам меҳр фақат унинг бетакрор ўйинларига бевосита гувоҳ бўлиш жараёнидаги эҳтирослар, ҳис-туйғулар орқали туғилади. Ўчмас юлдуз ҳақида ҳар қанча ўқиш ёки видеотасмаларни қайта-қайта томоша қилиш билан унинг қандай футболчи бўлганига аниқ баҳо бериш мумкин эмас. Бу ишни фақат Игорь Ларионов ёшидаги ёки ундан каттароқ кишилар уддалай оладилар.

Мураббий

Аввало, Кройфф «Буюк футболчидан буюк мураббий чиқмайди» тушунчасига барҳам берди. Чунки табиат унга ноёб иқтидорни инъом этганди. Кройффни бетакрор жамоа шакллантиришда Франц Беккенбауэрга қиёслаш мумкин. Бироқ германиялик мэтр қисқа бир давр (ЖЧ-1990)га мўлжалланган санъат асарини яратган бўлса, «учар голланд» ўзига тегишли «шедевр» - «Барселона»га узоқ йиллар сайқал берди. 90-йиллардаги ўша жамоа дунёнинг турли бурчакларида миллионлаб мухлисларни ўзига ром этганди. Кўпчилик мураббийлар, айниқса, сўнгги йилларда ўз касбларини шунчаки, оддий хизмат бурчи, тирикчилик манбаига айлантириб олишган. Аммо Кройфф футбол оламига тамоман ўзгача фалсафа - ўйиндан лаззат олишни тақдим этди. Шу тариқа яратилган «Барселона» ҳозир ҳам нодир футбол салтанати мақомида фаолият юритмоқда.

ТанҚидчи

Гвардиоланинг автобиографик асарида ўз устозига бағишланган алоҳида боб мавжуд: «Жамоага келган куниёқ европалик журналистларга нима учун «Барса»ни «Реал»дан афзал кўрганини очиқ-ойдин ошкор этган Йохан Кройфф каталониялик мухлислар қалбини бутунлай забт этганди. Чунки у испаниялик босқинчи Франсиско Франко асос солган жамоада ҳеч қачон ўйнамаслигини айтишдан чўчимаганди».

Ҳа, Кройфф доимо дилидагини тилига чиқарадиган ростгўй эди. Шу хислати билан мудом оқимга қарши сузишга мажбур бўларди. Ноёб иқтидор соҳиби - Лео Мессининг маҳорати юзага чиқа бошлаган давр мураббий матбуот орқали аргентиналик футболчини тезроқ инглиз тилини ўрганишга даъват этганди. Чунки суперюлдуз даражасидаги футболчи учун бунинг қанчалик зарурлигини Кройфф олдиндан кўра олган. ЖЧ-2010 финалига чиққан Голландия терма жамоаси ўз анъаналарига зид услубда тўп сурди ва оқибатда испанлардан енгилди. Ваҳоланки, Кройфф айнан шу мавзуда танқидий фикрлар билдириб, жамоани «уйғотиш»га уринганди. Бироқ уни ҳеч ким эшитмади. Матбуот анжуманида Берт ван Марвейкка Кройфф айтган сўзларни эслатишганида, бош мураббийнинг ранги бўзариб кетганди. Лекин у ҳеч нарса деёлмади. «Барса» бош мураббийи лавозимини эса Кройфф клуб вице-президенти Жоан Гаспар билан юзага келган «даҳанаки» жангдан кейин тарк этди. Орадан бир неча йил ўтгач, клуб президенти Сандро Росселнинг нуқтаи-назари Кройффникига мос келмай қолди. Бу сафар мэтр кўз кўриб, қулоқ эшитмаган норозиликни намойиш этди - жамоанинг аввалги президенти Жоан Лапорта томонидан берилган «Барса» фахрий президенти мақомини Росселга қайтариб берди! Ҳа, Кройфф кимгадир «қўғирчоқ генерал» бўлишга ҳеч қачон кўнмаган.

Шогирдлари Кройффдан ҳаттоки, ўз ота-оналаридан эшитмаган даккиларни эшитишарди. У ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Масалан, мураббий «Барса»нинг ўртоқлик учрашувида ўз дебютини нишонлаган Гвардиолани қуйидагича «олқишлаган»: «Бугун сен менинг бувимдан ҳам секинроқ югурдинг!» Тарсакидан кучлироқ таъсир қиладиган танбеҳ! Лекин ҳозир Пеп ҳам, Христо Стоичков ҳам айнан Йохан Кройффнинг тарбияси туфайли юксак натижаларга эришганликларини эътироф этадилар. Қуйидаги жумлалар голландиялик таниқли журналист Арноут Верзилага тегишли: «Гус Хиддинк дейлик, Кройффга қараганда, ёқимтойроқ. Чунки Кройффга доимо нимадир ёқмайди. Шунга қарамай, Йохан - Голландия футболидаги энг йирик «фигура». У - бизнинг Пеле!»

Юрак

Голландия терма жамоасининг ЖЧ-2010 ярим финалидаги ғалабасини голландиялик журналист ўзгача нишонлаганди. Ғалабадан ёки меъёридан кўпроқ ичилган пиводан ҳаяжонланиб кетган мухбирнинг йиғлаб юборишига сал қолганди: «Биласизми, 1974 йилги финал ҳамон қалбларимизни эзади. Ўша финалга гувоҳ бўлганлар Кройфф жамоасининг ютқазганига ҳозиргача ишонолмайдилар. Унинг ғалаба қозонмаслиги мумкин эмасди. Чунки тенги йўқ жамоа эди».

Чиндан ҳам, ҳал қилувчи баҳснинг илк дақиқаларида шахсан Кройфф пенальти ишлаганди: Берти Фогтсдан ўзиб кетгач, Ули Хёнесс уни йиқитишдан ўзга чора тополмаганди. Кейин қарама-қарши томонга анчайин шубҳали пенальти белгиланди. Натижада ҳисоб-китоб билан тўп сурадиган Германия термаси шоҳсупага кўтарилди, футбол меъморларининг кўз ёшлари бутун дунёни ювди. Шу маънода Кройффнинг фожиавий қаҳрамон эканини тилга олмасликдан ўзга илож йўқ. Энг буюклар сифатида унинг ёнидан жой олишган Пеле, Марадона, Беккенбауэр ва Зиданга тождорлик насиб этди. Кройффга - йўқ. Агар Месси ҳам чемпионликка эришолмаса, «Барселона»даги иккинчи энг буюк омадсиз сифатида устози ёнига қўшилади...

Дарвоқе, Йохан Кройфф Голландия терма жамоасига устозлик қилиш орқали 1974 йилги муваффақиятсизлик ўрнини тўлдириши мумкин эди: жамоа Дик Адвокаат раҳбарлигида ЖЧ-94 саралаш босқичидан муваффақиятли ўтгач, мутасаддилар АҚШга Кройффни бош мураббий сифатида юбормоқчи эдилар. Лекин Йохан сўнгги паллада раҳбарият билан келишолмаганди. Афсус...

Ўз вақтида «Сарагоса»да тўп сурган Владислав Радимов қизиқ бир воқеани айтиб берганди: «Кройфф давридаги «Барселона» мен кўрган энг кучли жамоа. Мураббий барча шогирдларига бирдек талабчан эди. Бир куни Кройфф яқиндагина «Олтин тўп» совринини қўлга киритган Христо Стоичковга танбеҳ берди. Болгариялик ҳужумчи бунга жавобан устозига гап қайтарди. Шунда ғазаби қўзиган Кройфф журналистлар гувоҳлигида шарт қўйди: «Хуллас, гап бундай: ҳозир мен ва манави «Олтин тўп» соҳиби 5 мартадан дарвоза тўсинига қарата зарба берамиз. Қани кўрайликчи, ким аниқроқ тепаркин?» Кройффнинг 4та зарбаси аниқ чиқди. Стоичков эса тўпни 2 марта тўсинга теккиза олди. Шундан кейин у устозидан узр сўради ва журналистларга мурожаат қилди: «Энди мен ҳеч қачон бу кишининг гапини қайтармайман!»

Ла-лига беллашувлари ТВ орқали намойиш этилганида, трибунада ўтирган Йохан Кройффни кўриш мумкин эди. Қизиқ, у мураббийликдан нега бунча эрта воз кечган? «Барса»да тўп сурган россиялик ягона футболчи Игорь Корнеев сўзларига эътибор қаратинг: «У ҳар қандай юлдузни жиловлай оладиган мутахассис сифатида ёдимда қолган. Ромарио ва Стоичковдек машҳурлар ҳам кўрсатмаларини итоаткорона бажаришарди. Кройфф клуб раҳбарияти, журналистлар ва мухлислар билан мулоқотни ўз ўрнига қўярди. Ҳеч қачон ўз ғояларидан воз кечмас, жамоа ишларига кимнингдир аралашишига йўл қўймасди. Кетишига келсак, у ҳужумкор футбол тарафдори эди. Лекин кейинчалик жамоа таркиби унинг талабларига жавоб беролмай қолди. Шу сабабли, «Барселона» билан хайрлашди. Бошқа жамоаларда ишлашга эса ғурури йўл қўймади».

«Аякс»

Йохан Кройфф жонажон клубида қандайдир расмий лавозимда ишлаган эмас. Лекин ўзи Каталонияда истиқомат қилган ҳолда, «Аякс»ни масофадан туриб, бошқарган, 1-2 ойдаги ташрифлар чоғи барча масалалар унинг раҳбарлигида ҳал этиларди. Айнан шу норасмий президентнинг кўрсатмаларига кўра, ҳозирда «Аякс»га жамоанинг 5 нафар собиқ аъзоси бошчилик қилмоқда.

Кройффнинг машҳур иборалари

- Футбол ўйнаш - оддий эрмак. Лекин оддий футболни намойиш этиш ўта мушкул масала.

- Кўп югуришнинг ҳожати йўқ. Футболни бош билан ўйнаш керак. Оёқлар фақат ёрдамчи вазифасини ўтайди.

- Нега энди бадавлат жамоани енгиш мумкин эмас? Пулга тўла қопнинг гол урганини шу пайтгача кўрган эмасман.

- Ўз услубинг билан жамоатчилик меҳрини қозонишдан кўра, нуфузлироқ соврин йўқ.

- Дарвоқе, балки мен чиндан ҳам, барҳаётдирман.

Ҳамдардлик ва эътироф

- «Аякс» тарихидаги энг буюк футболчи ўтган йилнинг октябрида ўпка саратонига чалинганди. Бу - биз учун ўта оғир жудолик. Оила аъзоларига сабр тилаймиз. «Аякс» ФК.

- Йохан Кройффдан айрилиш туфайли чекаётган изтиробимизни ифода этишдан ожизмиз. У клубимизнинг абадий афсонасидир. Доимо ёдимиздасан, Йохан! «Барселона» ФК.

- У - футболга берилган илоҳий инъом эди!» Вик Бакингхэм, Кройффнинг биринчи устози.

- У - Европада туғилган футболчиларнинг энг сараси! Франц Беккенбауэр.

- Йохан аввалига ўйинчи, кейин мураббий сифатида жаҳон футболига бошқалардан кўра, кўпроқ таъсир кўрсатди. Хосеп Гвардиола.

- Кройфф футболда ҳақиқий инқилобни амалга оширди. Эрик Кантона.

- Мен дўстимдан жудо бўлдим, сайёрамиз буюк инсондан. Бу тенги йўқ футболчидан доимо ҳайратдаман! Мишель Платини.

- Кройфф футбол оламининг етакчиларидан бири эди. У тарихда абадий қолади. Йохан нафислик рамзи сифатида ҳаммага илҳом улашиб, ўзига ром этганди Жанни Инфантино.

Ҳ. Масаидов тайёрлади

- деб хабар бермоқда Stadion.uz нашри.


Категория: Спорт UZ     Нашли ошибку?

Похожие музыки

Похожие клипы

Добавить комментарий

avatar