Скачать Демо музыку бесплатно в mp3 формате.
Добро пожаловать на наш Узбекский музыкальный сайт ELLO.UZ! На нашем сайте вы найдете альбомы популярных Узбекских исполнителей и сможете скачать их целиком. Все исполнители удобно отфильтрованы по жанрам. В верхней части сайта расположен поиск песен, где вы сможете найти любого Узбекского исполнителя, либо найти песню, которую вы так давно искали. Если вам нужно скачать музыку бесплатно в формате Узбекский MP3 и Узбекский Клип , то это именно тот сайт, который вам пригодится и вы можете его Добавить в Закладки.
,
BEK
BEK (Администратор)
Shuhrat
Shuhrat (Журналист)
ELLO
ELLO (Журналист)

27.03.2016

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?

Автор: Sport-Uz Комментариев: 0            Просмотров: 210
«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?

«Манчестер Юнайтед»нинг ашаддий ишқибозлари Никки Баттни яхши эслашса керак. Манкунианликлар сафида 1990—2000-йиллар мобайнида тўп сурган ушбу яримҳимоячи яқинда жамоа футбол академияси раҳбари сифатида иш бошлади. Tafsilot.uz шу воқеа баҳонасида «МЮ»нинг 90-йиллардаги бошқа юлдузлари айни вақтда нима билан шуғулланаётганига ойдинлик киритишга қарор қилди.

Стив Брюс («МЮ» сафида 1987—1996-йилларда ўйнаган)

Биз Стив Брюс исмли футболчи ҳақида ҳеч қачон билмаслигимиз ҳам мумкин эди. Чунки фаолиятининг аввалида бир қанча клублар ушбу ёш ҳимоячи билан шартнома имзолашдан бош тортган, натижада у футболдан кетиш ҳақида фикрга ҳам бориб қолганди. Бироқ «Жилленгем» жамоасидан тушган таклиф бунга йўл қўймади. Номи унчалик жарангдор бўлмаган мазкур клуб сафида Брюс 200 та ўйин ўтказди. Шундан сўнг «Норвич»га ўтди, 1986 йили эса «Манчестер Юнайтед»да пайдо бўлди. «МЮ» сафида 9 йил тўп сурди. 414 та учрашувда майдонга тушди. Фаолиятини тугатгач, мураббийлик қила бошлади. Эътиборлиси, у мураббий сифатида «Бирмингем»ни икки марта Премьер-лигага олиб чиқди. Ҳозир эса Чемпионшипда ўйнаётган «Халл Сити» жамоасини бошқармоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Пол Инс (1989—1995-йиллар)

Пол «Манчестер Юнайтед»га «Вест Хэм»дан ўтган эди. Биринчи мавсумидаёқ у жамоасига Англия кубогини қўлга киритишга катта ёрдам берди. Манкунианликлар сафида 6 йил ўйнаган Инс ўрта чизиқнинг муҳим ўйинчисига айланди. «МЮ» кийимида 281 та ўйинда майдонга тушди. Манчестердан кетгач Италияга йўл олди ва «Интер» жамоаси сафиша бориб қўшилди. Бироқ орадан кўп ўтмай яна Туманли Альбионга қайтиб келди. Фаолиятини якунлагач, мураббий бўлди, «Маклсфилд Таун», «Милтон Кинс Донс», «Блэкберн Роверс», «Ноттс Каунти» сингари клубларни бошқарди. Охирги иш жойи «Блэкпул» жамоаси бўлиб, Инс 2014 йили клуб мураббийлигидан кетди. Айни пайтда ишсиз.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Денис Ирвин (1990—2002-йиллар)

Ирландиялик футболчи «МЮ»га келганда, аллақачон «Лидс» ва «Олдхэм Атлетик» клубларида ўйнаган тажрибали ҳимоячи эди. У жамоасининг Англия кубоги яримфинали ва Лига кубоги финалига етиб боришига муносиб ҳисса қўшди. Манкунианликлар кийимида 529 та ўйин ўтказди. Денис ҳимоянинг ҳар икки қанотни ёпишга қодир камсонли футболчилардан эди. Қолаверса, жарима зарбаларини ва пеналтиларни ижро этишга ҳам уста эди. Ҳатто 35 ёшида ҳам ўзидан анча ёш Фил Невиллга асосий таркибдаги жойини бой бериб қўймаган. «Вулверҳэмптон» унинг охирги жамоаси бўлди. Футболдан кетгач, Ирвин «Манчестер Юнайтед»нинг расмий телеканали — «MUTV»дан иш топди. Ҳозир у мазкур телеканалда бошловчилик қилиш билан бир қаторда эксперт сифатида жамоанинг ўйинлари олдидан фикрлари билан ўртоқлашиб келмоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Райан Гиггз (1990—2014-йиллар)

Райан ўйинларда майдонга тушиш бўйича «Манчестер Юнайтед»нинг рекордчиси ҳисобланади. «Олд Траффорд»да кечган 24 йиллик фаолияти давомида у 963 та учрашувда ўйнашга муваффақ бўлди. 2011 йили клуб мухлислари овози натижасига кўра у «МЮ» тарихидаги энг буюк футболчи деб тан олинди. Ҳатто футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам Гиггз «Манчестер Юнайтед»дан кетгани йўқ. Маълум муддат ўйновчи мураббий бўлган бўлса, айни пайтда манкунианликлар бош мураббийи Луи ван Галга ассистентлик қилмоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Андрей Канчельскис (1991—1995-йиллар)

Фергюсон 1991 йили ўтказилган Шотландия – СССР баҳсида Канчельскиснинг иқтидорини пайқайди. Тез орада «Шахтёр»га «Манчестер Юнайтед»дан таклиф боради. Бу рад этиб бўлмас таклиф, футболчининг ўзи учун эса улкан имконият эди. Андрейнинг «МЮ» сафида 1991 йилнинг 11 майида «Кристал Пэлас»га қарши кечган ўйинда дебют қилган. У Англия чемпионатига тез мослашди ва дастлабки мавсумданоқ асосий таркиб ўйинчисига айланди. Канчельскис Манчестерда тўрт йил тўп сурди. Сўнгра «Эвертон» сафига ўтди. Футболчилик фаолиятига эса Самаранинг «Крылья Советов» жамоасида нуқта қўйди. Ҳозир у иккинчи дивизионда ўйнайдиган «Солярис» жамоаси бош мураббийидир.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Петер Шмейхель (1991—1999-йиллар)

Петер Шмейхел ва «Манчестер Юнайтед» қиссаси 1991 йили бошланган. «Ньюкасл» нима учундир даниялик дарвозабонни сотиб олиш фикридан қайтади, манкунианликлар эса вақтида отга қамчи босиб, истеъдодли голкиперга эга бўлишади. Сэр Алекс Фергюсон бу трансферни «аср хариди» деб атаган эди. Шотландиялик мураббий ҳақ бўлиб чиқди. Шмейхель жамоа билан 292 ўйинда майдонга тушиб, «МЮ»нинг бир олам ютуқлар, кубокларни қўлга киритишда, шу жумладан, ЕЧЛни ютишда катта ёрдам берди. Шмайкс жамоадан 1999 йили кетди, фаолиятини эса манкунианликларнинг ашаддий рақиби — «Манчестер Сити»да якунлади. Аммо бу Петернинг «МЮ»га қайтишига тўсқинлик қилмади, фақат бу сафар футболчи эмас, балки элчи сифатида. У ҳозир шу вазифада ишлаяпти.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Гари Невилл (1992—2011-йиллар)

Гари Невилл — клубга содиқликнинг ёрқин намунаси. У бутун фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да ўтказди, жами 602 та ўйинда майдонга тушди. Қизиғи шундаки, ҳимоячининг дебюти миллий биринчилик эмас, балки УЕФА Кубоги ўйинига тўғри келган. Рой Кин жамоани тарк этгач, Гари «МЮ» сардорига айланди. Манкунианликлар сафидаги сўнгги ўйинини 2011 йил ўтказди. Шундан сўнг Рой Ходжсон уни Англия миллий терма жамоасининг мурббийлар штабига таклиф қилди. Шу билан бирга у 2011—2012-йилги футбол мавсумидан бошлаб то яқин-яқингача «Sky Sports» телеканалида эксперт сифатида ишлаб келди. Бироқ футбол ҳақида гапириш, футболни шарҳлаш истаги миллионлар ўйинининг ичида бўлиш, у билан бирга қайнаб-тошиш хоҳишининг олдида кучсизлик қилди. Невил телевидениеда ишлашдан кўра «Валенсия»ни бошқаришни афзал кўрди. Ўтган йилнинг декабридан бери ушбу клубга мураббийлик қилмоқда.

Фил Невилл (19942005-йиллар)

Кичик Невилл «Юнайтед»да Гаридан икки йил кечроқ дебют қилди ва акасидан фарқли ўлароқ бутун фаолияти Манчестер билан боғлиқ бўлмади. 2005 йили у «МЮ»ни тарк этди ва «Эвертон» футболчисига айланди. «Ирислар» сафида 8 мавсум ўйнади. Футболдан кетгач ўзини мураббийликда синаб кўришга қарор қилди. Маълум вақт қадрдон жамоасининг мураббийлар штабида ишлади. Айни пайтда «Валенсия»да Гари Невиллга ёрдамчилик қилмоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Эрик Кантона (1992—1997-йиллар)

Эрик ёки «МЮ» ишқибозлари тили билан айтганда, қирол Эрик Манчестерга 1992 йили «Лидс»дан келади ва жамоа ўйинига тезда мослашиб кетади. Манкунианликлар кийимида 185 ўйинда майдонга тушиб, 82 та гол уради. Француз футболчиси нафақат ажойиб ўйинлари ва алдамчи ҳаракатлари, балки жиловлаб бўлмас феъл-атвори билан ҳам эсда қолган. «Кристал Пэлас»га қарши кечган учрашувда фанатлардан бирининг провакациясига дош беролмайди ва майдон ҳамда томошабинлар секторини ажратиб турувчи тўсиқдан сакраб ўтиб, дилозорига кун-фу услубида зарба беради. Ўшанда кўпчилик ҳужумчининг Англияни тарк этишини тахмин қилганди, бироқ Фергюсон уни жамоада қолишга кўндиришнинг уддасидан чиқади. Дисквалификациядан сўнг футболчи «МЮ» сафида яна икки мавсум ўйнайди ва кўпчилик учун кутилмаганда 30 ёшида фаолиятини якунлаганини эълон қилади. Футболдан кетгач, Кантона кинода суратга туша бошлади. Ҳозирга қадар 19 та фильмда роль ўйнашга улгурди. Тўғри, Эрикни футболдан бутунлай узоқлашиб кетди деб бўлмайди. Чунки у айни вақтда «Нью-Йорк Космос» жамоасининг спорт директори ҳисобланади.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Дэвид Бэкхэм (1993—2003-йиллар)

Кўпчиликнинг наздида у — «МЮ» тарихидаги энг машҳур футболчи (албатта бу фикрга Криштиану Роналду қўшилмаса керак). Дэвид «Манчестер Юнайтед» сафида умрининг 10 йилини ўтказди. Жамоасининг ютуқ ва мағлубиятларига шерик бўлди, ўзининг ажойиб ўйинлари, моҳирона зарбалари, майдонни кўра олиш бўйича беназир қобилияти билан жамоасининг ғалабаларига улкан ҳисса қўшди. Ҳаттоки клубдан кетаётганида ҳам унинг ғазнасини муллажирингга тўлдириб кетди. «МЮ»дан сўнг «Реал», «Лос-Анжелес Гэлакси», «Милан» ва «ПСЖ» жамоаларида тўп тепган Бэкхемнинг футболчилик карьерасига фақатгина ҳавас қилиш мумкин. Нафақат карьерасига, унинг ҳавасга арзигулик бошқа жиҳатлари ҳам талайгина. Масалан, ажойиб оиласи бор, мода брендларидан оламжаҳон таклифлар, бир қучоқ реклама шартномалари… Бундан ташқари, шахсий бизнеси, дўконлари борлиги ҳақида ўқиганмиз. Мана шуларга кўра у айни пайтда сайёрамизнинг энг бой футболчиларидан бири ҳисобланади.

Дарвоқе, балки Сиз ҳам ўқигандирсиз, яқинда у футболга қайтишни истаётгани, яна бир-икки мавсум тўп тепиш ниятидаги экани ҳақида интервью берибди. Ким билсин, балки тез орада уни яна майдонда кўрармиз.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Рой Кин (1993—2005-йиллар)

Ирландиялик футболчи «Ноттенгем Форрест»дан 3,75 млн фунт стерлинг эвазига «Манчестер Юнайтед»га ўтади. Гарчи бу пул ҳозир кулгили ва арзимас туйилса-да, ўша пайтда АПЛдаги энг қиммат трансфер бўлган эди. Рой Кин тезда бежизга рекорд суммага харид қилинмаганини исботлашга киришди. У дебют ўйинидаёқ дубль қайд этди, Манчестер дербисида эса ғалаба тўпини киритди. 1997 йили эса жамоа сардорига айланди. «Юнайтед»ни тўққизта «ўлжа» (кубок, чемпионлик ва ҳ.) сари бошлаб борган Рой ҳозиргача Манчестер жамоасининг энг омадли сардори ҳисобланади.

Киннинг «МЮ»даги шонли тарихи 2005 йили якунига етди. Ўша йили футболчи ва клуб раҳбариятининг келишувига кўра ирланд афсонаси «Орзулар театри»ни тарк этди ва «Селтик» сафига бориб қўшилди. Фаолиятига ҳам айнан шу клубда якун ясади. Рой «Сандерленд», «Ипсвич» ва «Астон Вилла» клубларида мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлади. Ҳозир эса у футбол бўйича Ирландия миллий терма жамоасининг бош мураббийига ёрдамчилик қилмоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Пол Скоулз (1993—2011; 2012—2013-йиллар)

Бас бойлашаман, «Манчестер Юнайтед» ишқибозлари майдон марказида жингалак ва қуюқ саватсочли Маруан Фелайнидан кўра сариқдан келган, сепкилдор Пол Скоулзни кўришни афзал билишади. Мана, беш йилдирки, манкунианликлар яримҳимоясининг марказида серҳаракат инглизнинг мардановор ўйинлари, Полнинг ўзига эса «Олд Траффорд»даги ҳайқириқлар етишмаяпти.

Ажабланарлиси, Скоулз умуман футболчи бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Унинг тиббиёт карточкасида астма, Осгуд-Шлаттер касаллиги ва кўриш қобилияти билан боғлиқ муаммолари ҳақидаги қайдларни учратиш мумкин. Аммо шунга қарамай у футболчи бўлди. Оддийгина футболчи эмас, балки исми бош ҳарфлар билан ёзиладиган чарм тўп устаси ва умрининг 20 йилини бағишлаган «Манчестер Юнайтед»нинг афсонасига айланди. Фаолиятини якунлагач, Скоулз Гари Невиллнинг изидан боришга қарор қилди ва телевидениеда эксперт сифатида ишлай бошлади.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Никки Батт (1993—2004-йиллар)

Никки Батт худди ака-ука Невиллар сингари «Манчестер Юнайтед» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. 1994—1995-йилги мавсумдан манкунианликлар жамоасининг асосий ўйинчиларидан бирига айланади. 2000-йилларнинг бошларига келиб Никки жароҳатлар гирдобига тушиб қолади. Натижада у даставвал асосий таркибдаги ўрнини бой берган бўлса, кейинчалик майдонга онда-сонда тушадиган бўлиб қолади. 2004 йили у ўз хоҳишига кўра қадрдон жамоасини тарк этади ва «Ньюкасл»га ўтиб кетади. Батт «МЮ» сафида 11 мавсум тўп суриб, 387 та учрашувда майдонга тушади. У 2011 йили Ҳонгконгнинг «Саут Чайна» клубида фаолиятига якун ясайди. Ники Батт 2012—2016 йиллари «Манчестер Юнайтед»нинг ёшлар жамоасига мураббийлик қилган бўлса, шу йилнинг февралидан эътиборан жамоа академиясининг раҳбари этиб тайинланди.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Энди Коул (1995—2001-йиллар)

Коул – Йорк жуфтлиги бир пайтлар Англиядаги барча клубларни даҳшатга солгани бор гап. Тўғри, асли триндадлик инглиз юлдузли онларини уч йил кутишига тўғри келган. Манкунианликлар сафидаги тўртинчи мавсумига келиб у ҳақиқий ҳужумчи бўлиб шаклланди ва ўша мавсумда 20 тадан ортиқ гол урди. Жамоага Дуайт Йорк келгач эса Энди янада очилиб кетди. «МЮ»да ўтказган 8 мавсуми давомида у рақиблар дарвозасини 121 марта аниқ нишонга олди. Ҳозир у худди Шмейхель сингари клубнинг элчиси бўлиб ишламоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Тедди Шерингем (1997—2001-йиллар)

Шерингем 1997 йили «Манчестер Юнайтед» сафига келиб қўшилди. Манкунианликлар таркибида тўрт мавсум тўп сурган мазкур футболчи 153 та ўйинда майдонга тушиб, 46 та гол урди. Аммо «МЮ» ихлосмандлари Теддининг биргина голини қолган 45 тасига алмашмасалар керак. Бу 1999 йили Европа чемпионлари лигасининг ўша машҳур финалида «Бавария» дарвозасига киритилган голдир. Ўшанда Шерингем захирадан майдонга тушиб, мағлубиятга учраётган жамоасининг жонига ора кириб ҳисобни тенглаштирган ва «Юнайтед»ни ўйинга қайтарган эди. Кейин нималар содир бўлганини яхши биласиз деб ўйлайман. Футболчилик фаолиятини якунлаганидан сўнг Шерингем мураббийлик курсида таҳсил олди. Даставвал «Вест Хэм»да иккинчи мураббий, сўнгра Англиянинг учинчи дивизионида ўйнайдиган «Стивениж» клуби бош мураббий бўлиб ишлади. Аммо Хартфордшир графлиги жамоасидаги ишлари унчалик юришмади ва шу йилнинг 1 февралида у вазифазидан озод этилди.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Уле Гуннар Сульшер (1996—2007-йиллар)

Бу йигитни «Бавария»нинг катта ёшли мухлислари ҳалигача тушида кўришса ажабмас. Юқорида тилган олинган ЕЧЛнинг 1999 йилдаги финалида Шерингем ҳисобни тенглаштирган бўлса, норвергиялик болакай ўйиннинг 93-дақиқасида гол уриб, мюнхенликларнинг Чемпионлар кубоги ҳақидаги умидларини чилпарчин қилган эди. Эътиборлиси шундаки, «Камп Ноу»да ўтказилган мазкур баҳсдаги «МЮ»нинг ҳар икки голини захирадан майдонга тушган ўйинчилар рақиб дарвозасига йўллашган. Мазкур ўйиндаги муваффақияти сабабли Сульшер Фергюсоннинг «сеҳрли қуроли»га айлнаганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. У 150 марта захирадан майдонга тушиб, 28 та гол уришга эришган. Бу ҳозиргача клуб рекорди ҳисобланади. Уле Гуннарнинг «Супер захира ўйинчиси» деган лақаби ҳам шу туфайлидир.

Сульшер манкунианликлар сафида 11 мавсум давомида тўп сурди. 2007 йили эса бутсасини михга илишга қарор қилди. Айни пайтда у Норвергиянинг «Мольде» клубининг бош мураббийидир.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Дуайт Йорк (1998—2002-йиллар)

Халқимизнинг «Кулиб туриб жонингни олади» деган нақлини кўпчилигингиз эшитган чиқарсиз. «МЮ» мухлислари Қарийб худди шундай иборани Дуайт Йоркка нисбатан ишлатишган: «Кулиб турадиган қотил». Англаганингиздай, унинг қурбонлари рақиб жамоаларнинг дарвозабонлари, ўқлари эса футбол тўплари бўлган. 1998 йили «Манчестер Юнайтед» таркибидан жой олган Йорк илк мавсумидаёқ 29 та гол уради. Кейинги мавсумда ҳам 24 гол уриб, мухлисларга олам-олам шодлик улашади. Бироқ шундан кейин ундан бироз омад юз ўгиради. Ҳужумчи навбатдаги икки мавсумда рақиблар дарвозасига бор-йўғи 13 та тўп кирита олади холос. Шундан сўнг жамоани тарк этган Дуайт Йорк Англиянинг бир қанча клублари, ҳатто Австрилияда ҳам тўп суради, бироқ барибир аввалги даражасига чиқа олмайди. Айни вақтда у «МЮ» ўринбосарлари жамоаси бош мураббийининг ёрдамчиси бўлиб ишлаяпти.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters Яп Стам (1998—2001-йиллар)

1998 йили «Аякс»дан «Манчестер Юнайтед»га ўтган Яп Стам тарихдаги энг қимматбаҳо голланд футболчиси бўлган эди. Бошида офтоб шуълаланадиган ҳимоячи Фергюсон жамоаси таркибида 3 йил ўйнади. Ушбу вақт ичида 127 та ўйин ўтказиб, ҳимоянинг бетондек мустаҳкам бўлишини таъминлади. Стамнинг «МЮ»ни тарк этиши унчалик ҳам эсда қоларли ва ёқимли бўлмаган. Голландиялик футболчининг автобиографиясидаги баъзи бир мулоҳазалари сэр Алексга маъқул келмайди ҳамда Стам «Лацио»га сотиб юборилади. У қадрдон жамоаси «Аякс»да фаолиятини якунлади ва ҳозиргача ушбу клубда мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб келмоқда.

«МЮ»нинг 90-йиллардаги юлдузлари ҳозир нима билан банд?
Фото: Reuters

Адҳам Ўрол ўғли тайёрлади

- деб хабар бермоқда Stadion.uz нашри.


Категория: Спорт UZ     Нашли ошибку?

Похожие музыки

Похожие клипы

Добавить комментарий

avatar