Скачать Демо музыку бесплатно в mp3 формате.
Добро пожаловать на наш Узбекский музыкальный сайт ELLO.UZ! На нашем сайте вы найдете альбомы популярных Узбекских исполнителей и сможете скачать их целиком. Все исполнители удобно отфильтрованы по жанрам. В верхней части сайта расположен поиск песен, где вы сможете найти любого Узбекского исполнителя, либо найти песню, которую вы так давно искали. Если вам нужно скачать музыку бесплатно в формате Узбекский MP3 и Узбекский Клип , то это именно тот сайт, который вам пригодится и вы можете его Добавить в Закладки.
,
BEK
BEK (Администратор)
Shuhrat
Shuhrat (Журналист)
ELLO
ELLO (Журналист)

08.02.2016

Бозорнинг турли жилоси ёки трансфер дарчаси ҳақида

Автор: Sport-Uz Комментариев: 0            Просмотров: 202
Бозорнинг турли жилоси ёки трансфер дарчаси ҳақида

Трансфер дарчаси - футбол йилидаги қизғин палла. Бозордаги ҳар бир иштирокчининг ўз мақсади бор: кимдир гранд жамоадан жой олишга интилади, бошқаси аксинча, топ-клуб чанагалидан тезроқ қутулиш пайида. Шуларни кузатар экансиз, ҳожатбарор трансфер бозорининг ранг-баранг қирраларини ҳис этасиз. Марҳамат, уларнинг айримлари билан танишиб, хулоса чиқаринг.

Уни бошқа жамоа либосида тасаввур қилолмайман

Ўзининг бор маҳорати, навқирон дамларини бита жамоага бағишлаган футболчи шонли ғалабалар, нуфузли совринларга сазовор бўлди. Тарихчилар унга жамоа афсоналари сафидан жой ҳозирлаш тадоригини кўришмоқда. Лекин кутилмаганда вазият кескин ўзгариб, футболчи қадрдон клубини тарк этишга мажбур бўлди. Балки у ўзини жамоа етакчиси ролидан ташқарида тасаввур қилолмагани ёки мутасаддилар унинг ўрнига навқирон иқтидор соҳибини топишганми, нима бўлганда ҳам, у бошқа чемпионатга йўл олади. Лекин унинг фаолияти қаерда якунига етишидан қатъий назар, бу футболчини биз аввалги жамоасидан айро ҳолатда тасаввур қилолмаймиз.

Мисоллар: «Реал»дан «Шалке»га кетган Рауль, «Ливерпул»дан «Лос-Анжелес Гэлакси»га йўл олган Стивен Жеррард, «Реал»дан «Порту»га ўтган Икер Касильяс, «Барселона»дан «Ал-Садд»га қўшилган Хави.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: Санъаткорларнинг акасарияти ягона ёрқин роль орқали машҳурликка эришадилар. Кейинчалик улар бир қатор бошқа образларни яратишса ҳам, мухлислар уларни аввалги ёрқин қаҳрамонлар тимсолида ёдга оладилар.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: Жон Терри. «Челси»нинг доимий сардори ўз мавқеини бой бермаслик учун бор куч-маҳоратини ишга солмоқда. Лекин «кўклар»нинг ҳар бир омадсиз учрашуви таркибдаги жиддий ўзгаришларни талаб қилмоқда. Ҳимоя маркази тез орада Кэйхил-Зума дуэти ихтиёрига ўтса, ажабмас. Қолаверса, жамоа Жон Стоунзга қизиқиш билдирмоқда. Демак, Террининг MLS ёки Хитой клубидан бирига йўл олиши ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Забт этилмаган чўққи

Футболчи ўртамиёна жамоалардаги ишончли ўйинлари билан тобора юқорига кўтарилиб боради. Ниҳоят, рад этиб бўлмайдиган таклифга асосан топ-клубдан жой олади. Бироқ янги жамоадаги босим, кучли рақобат ва шунга ўхшаш омиллар унга ўз маҳоратини намойиш этиш имкониятини бермайди ва шўрлик ортга қайтишга мажбур бўлади.

Мисоллар: «Саутгемптон»дан «Ливерпул»га ўтган Рики Ламберт, «Ньюкасл»дан «ПСЖ»га йўл олган Йоан Кабай, «Ньюкасл»дан «Челси» сафига қўшилган Демба Ба, «Астон Вилла»дан «Ливерпул»га кетган Стюарт Даунинг.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: Ўтган асрда Лоуренс Питер томонидан яратилган «Питер принципи» тизимига асосан, ҳар қандай киши эртами-кеч ўзининг қобилиятсизлигини тан олади. Мисол дейсизми? Бир пайтлар Comedy Club резидентлари ЎЗМ (КВН)да рисоладагидек старт олиб, Россия юморида чинакам инқилобни амалга оширишди. Бироқ кейинчалик ўзларини Эдди Мерфидан кам ҳисобламагандек ҳис этиб, фильм яратишга қарор қилишди. Ана шу хато бинойидек фаолиятни барбод этди.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: Кристиан Бентеке, Уильфрид Бони.

Батутда сакраш

Забт этилмаган чўққининг ўзгача варианти. Тўсатдан пайдо бўлган футболчи дебют мавсумни юксак савияда ўтказади ва қайсидир гранд билан шартнома имзолайди. Минг афсуски, янги жамоада ишончни оқлай олмайди ва ғойиб бўлади.

Мисол: «Том»дан «Зенит»га йўл олган Сергей Корниленко.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: ўртамиёна жамоадаги созанда ягона муваффақиятли асар эвазига шуҳрат қозонади ва қайсидир ижодий гуруҳ билан манфаатли шартномага имзо чекади. Лекин кейинчалик бирор-бир арзийдиган асар яратолмайди. Масалан, Дэниэл Паутернинг Bad Day қўшиғи нуфузли танловда ғолиб чиққач, Coca-Cola санъаткорга ҳамкорлик таклиф этганди. Лекин ижодкор таниқли компанияга ўша 2005 йилдаги Bad Dayдан бошқа ҳеч қандай асар тақдим этолмади. Оқибатда Дэниэл 2009 йили нуфузли журнал томонидан «Ягона хит артисти» номинацияси номзодлари рўйхатига киритилди.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: АПЛнинг барча жамоаларида қизиқиш ўйғотган Жейми Варди.

Жавоб зарбаси

Яқинда харид қилинган, лекин маҳоратини тўлиқ намойиш этолмаган дебютант билан жамоа алоқани узади. Лекин тез орада ана шу топ-клуб катта хатога йўл қўйгани ойдинлашиб қолади - нисбатан камтарин янги жамоада футболчи етарли ишонч ва ўйин амалиётига эга бўлиб, самарали тўп сура бошлайди. Кўпинча футболчи янги жамоадаги дебютини собиқ клубига қарши баҳсда нишонлайди ва уни гол билан жазолайди.

Мисол: «Реал»дан «Ювентус»га ўтган Альваро Мората, «Спартак»дан «Краснодар» сафига қўшилган Ари, «МЮ»дан «Байер»га келган Чичарито, «Челси»дан «Вольфсбург»га йўл олган Кевин Де Брюйне, «МЮ»дан «Ювентус»га қайтган Поль Погба, «Челси»дан «Эвертон»га кетган Ромелу Лукаку, «Интер»дан «Ливерпул»­га сафарбар этилган Филиппе Коутиньо.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: 1975 йили 26 ёшли Анна Винтур ғайри табиий фотосуратларни тақдим этганликда айб­ланиб, Harpers Bazaar журналидан четлатилган, Уолт Дисней ҳам ўз вақтида арзирли ғояларга эга эмаслиги баҳонасида Kansas City газетасида ишсиз қолганди. Элвис Прес­лига эса Нэшвиллдаги концерт майдончалиридан бирининг соҳиби юк машинасида ҳайдовчилик қилишни маслаҳат берганди. Аммо улар тенги йўқ санъаткор сифатида донг таратишди.

Яқин кунлар ичида яна кимлар рўйхатни тўлдириши мумкин: Иско, агарда Зидан ундан кўра, Хамес Родригесни афзал кўрадиган бўлса. Аниқроғи, Флорентино Перес уни шундай қарорга келишга мажбур этган тақдирда.

Ғалабага элтувчи сўнгги штрих

Бир қарашда, ёрқин ғалабаларга эришиш учун бу жамоада барча шароитлар етарлидек туюлади. Лекин негадир ҳар гал у финалдан қуруқ қайтаверади. Ниҳоят, у жамоа таркибидан жой олиб, барча ўйинчилар билан апоқ-чапоқ бўлиб кетади, ўйин­га ўзига хос «жон» ато этади. Натижада, жамоа янги мавсумда шоҳсупадан жой олади.

Мисол: «Барселона»дан «Челси»га ўтган Сеск Фабрегас, «Милан»дан «Ювентус»га йўл олган Андреа Пирло.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: Ринго Старрнинг 1962 йили Roru Sform гуруҳидан The Beatlesга ўтиши. Айнан шу санъаткорнинг қўшилиши билан Ливерпулнинг энг яхши рок-гуруҳи ҳисобланган «Битлз» мусиқа оламини забт этди.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: Поль Погба, агарда уни «ПСЖ»га сотиб юборишса. Шунингдек, яна 3,5 ойдан сўнг Петр Чех шундай футболчига айланиши мумкин, агарда «тўпчилар» чемпионлик унвонини қўлга киритишса.

Бой берилган жавоҳир

«Жавоб зарбаси»нинг олис қариндоши ёки «сўнгги штрих»нинг акси. Кўплаб юлдузларни ўз сафига жамлаган клуб ўзи унчалик кўзга ташланмайдиган, лекин катта манфаат келтирадиган камтарин «қора ишчи»сини сотиб юборади. Тез орада жамоанинг жиддий хатога йўл қўйгани ойдинлашади.

Мисол: «Реал»дан «Челси»га ўтган Клод Макелеле.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: юксак маданият соҳиби бўлган андишали йигитни «ҳиссиз кесак»ка қиёслаган қиз у билан алоқани узишга қарор қилади ва ёлғиз қолади. Чунки унданда муносиброқ йигитни тополмайди.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: афтидан, Макелеленинг трансфери туфайли юзага келган ибратли сабоқ кўпчилик клублар мутасаддиларини чуқур ўйга толдирган кўринади. Ҳар ҳолда, яқин келажакда шундай нохуш олди-сотдининг амалга ошиши даргумон.

Бақувват мускуллар намойиши

Европа футболида янги қудратли куч пайдо бўлганидан дарак берувчи фантастик трансфер. Одатда уни араб шайхлари, рус олигархлари ёки осиёлик миллардерлар амалга оширадилар.

Мисол: «Анжи»га келган Роберто Карлос, «Интер»дан «Анжи»га келган Самуэл Это~О, «Милан»дан «ПСЖ»га йўл олган Златан Ибрагимович, «Реал»­дан «Манчестер Сити»га сафарбар этилган Робиньо.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: 2008 йили «Сноб» журнали Михаил Прохоровнинг маблағлари эвазига Россиянинг етакчи журналистларини ўз сафига жалб этиб, пулга кўмиб ташлади. «Сноб» туфайли биз молиявий инқирозни умуман сезмадик, касбдошларимиз ўртасида шундай нақл пайдо бўлганди. Яковлев («Сноб» бош муҳаррири)нинг айтишича, журналистлар катта маош олишлари керак. Қанча олишларини аниқ билмайман. Лекин оддий ҳисоб-китоблар орқали шунга амин бўлдимки, нашрдаги ҳар бир мақола учун 3000-5000 доллар беришарди. Табиийки, бу ҳаммага ёқарди», - деганди «Сноб»нинг собиқ бош муҳаррири Борис Акимов «Афиша»га берган интервьюсида.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: Яя Туре. Айрим маълумотларга қараганда, ивуарлик футболчи Манчестердаги шайхларга хизмат қилишдан зерикди. «Агар йирик лойиҳага жазм этган топ-клубдан таклиф тушса, у яна бир неча йил хизмат қилишга тайёр. Эҳтимол бунинг учун Туре Англияни тарк этишга эҳтиёж сезмас. Миш-мишларга қараганда, «Мюнхен-1860» клубининг иорданиялик соҳиби Ҳасан Абдулла Исмоил АПЛ ёки чемпоншип жамоаларидан бирини харид қилиб, гранд даражасига олиб чиқиш ниятида.

Устознинг суюклиси

Янги иш жойига келган мураббий афтидан, унинг аввалги жамоасидаги шогирдини олиб келади.

Мисол: «Суонси»дан «Ливерпул»­га келган Брендан Ржерс ва Жо Аллен, «Фейеноорд»дан «Саутгемптон»га ўтган Рональд Куман ва Йорди Класи, «Барселона»дан «Бава­рия»­га йўл олган Хосеп Гвардиола ва Тьяго Алькантара, «Портсмут»дан «Тоттенхэм»га ўтган Харри Реднапп ва Нико Кранчар, «Болтон»дан «Ньюкасл»га кўчган Сэм Эллардайс ва Кевин Нолан.

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: «Титаник»даги Жеймс Кэмерон ва Билл Пэкс­тон. Билл ҳеч қачон ёрқин киноюлдуз даражасига кўтарилмаган. Лекин «Титаник»дан ташқари, «Терминатор», «Бегоналар», «Ҳақиқатга яқин ёлғон» ва «Тубсизлик белгиси» каби машҳур картиналарда ҳам суратга тушган.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: Гвардиола-Алькантара жуфтлиги 2013 йилги трюкни такрорлаши мумкин. Мураббий ёзда Англияга ўтишни мўлжалламоқда.

Элвис бинони тарк этди

Жамоа ўзининг энг ёрқин юлдузини сотади-да, ана шу маблағ эвазига таркибни ёшлар билан тўлдиришга қарор қилади. Лекин ислоҳот муваффақиятсизлик билан якунланади.

Мисол: Гарет Бэйлни сотган «Тоттенхэм» ва Луис Суарес эвазига мўмай даромадга эга бўлган «Ливерпуль».

Воқеанинг реал ҳаёт ва санъатдаги эквиваленти: ажойиб шоумен Билл Лоуренс таниқли актёр Зак Браффдан воз кечгач, «Клиника» сериали боши берк кўчага кириб қолди. Ваҳоланки, шоумен Брафф ўрнига Керри Бише, Майкл Мосли ва Дэйв Франко каби ёш иқтидор соҳибларини таклиф этганди. Аммо ҳамкорлик кутилган натижани бермади.

Яқин кунларда яна ким рўйхатни тўлдириши мумкин: «Эвертон», агар ёзда Ромелу Лукакуни сотишга қарор қилса.

C.РАҲМОНОВ тайёрлади

- деб хабар бермоқда Stadion.uz нашри.


Категория: Спорт UZ     Нашли ошибку?

Похожие музыки

Похожие клипы

Добавить комментарий

avatar