Скачать Демо музыку бесплатно в mp3 формате.
Добро пожаловать на наш Узбекский музыкальный сайт ELLO.UZ! На нашем сайте вы найдете альбомы популярных Узбекских исполнителей и сможете скачать их целиком. Все исполнители удобно отфильтрованы по жанрам. В верхней части сайта расположен поиск песен, где вы сможете найти любого Узбекского исполнителя, либо найти песню, которую вы так давно искали. Если вам нужно скачать музыку бесплатно в формате Узбекский MP3 и Узбекский Клип , то это именно тот сайт, который вам пригодится и вы можете его Добавить в Закладки.
,
BEK
BEK (Администратор)
Shuhrat
Shuhrat (Журналист)
ELLO
ELLO (Журналист)

06.02.2016

Торреснинг ғаройиб саргузаштлари

Автор: Sport-Uz Комментариев: 0            Просмотров: 174
Торреснинг ғаройиб саргузаштлари

Бундан 5 йил муқаддам 5-дивизион вакили «Кроули Таун» жамоаси «Олд Траффорд»да Англия кубоги чорак финалида майдонга тушганди. Ўша учрашув Уэс Брауннинг «МЮ» таркибида урган сўнгги голи, «Кроули» ҳужумчиси Ричард Бродининг баҳс сўнгги дақиқасида рақиб дарвозаси тўсинини аниқ нишонга олгани билан кўпчилик хотирасида қолди ва қуйи дивизион вакили муносиб равишда мағлубиятга учради. Зеро, «Кроули» сўнгги 17 йил ичида мамлакат кубогининг 1|8 финалигача етиб борган ҳаваскор клуб эди, холос. The Sun унга ҳомий бўлса, «Кроули»нинг энг кучли футболчиси ҳафтасига 620 фунт олар ва маҳаллий пойабзал омборида юк туширувчи бўлиб ишларди.

Ўша учрашув ниҳоясига етиб, овоз кучайтиргичлардан Glori мадҳияси янграганида «Кроули» ўйинчилари меҳмонлар учун ажратилган ва жамоанинг 9 мингдан ортиқ ашаддий мухлиси ўтирган трибуналар томон ошиқишди. Ўша лаҳзаларда «Кроули» сардори - аргентиналик 30 ёшли Серхио Торрес оёқларидаги хавфсизлик шитларини ечиш учун гетраларини тушираркан, хаёлидан бир фикр чақмоқдай ўтди: «Ахир мен биринчи ва охирги марта «Олд Траффорд»даман-ку! Энди бу ерга ҳеч қачон келмаслигим аниқ!». Атрофда суратчи ва операторлар ғужғон ўйнашар, аммо Торрес буларнинг ҳеч бирига парво қилмасди. Футболчи майдонга чўккалади-да, майсадан бир даста юлиб олди ва уни гетралари орасига яширди.

Бугун Серхио Торрес «Уайтхок» шарафини ҳимоя қиляпти (Англиянинг 6-дивизиони вакили) ва хотини ҳамда 2 фарзанди билан Ла-Манш бўйида жойлашган Брайтон шаҳрида яшамоқда. «Олд-Траффорд» майсасини эса энг азиз хотира сифатида асраяпти. Ўтган йилнинг ёзида у 3-лига вакилларидан 2та таклиф ҳам олди, аммо ёши 34далиги ва оиласи хотиржамлигини ўйлаб рад жавобини берди.

Серхио Торрес денгиз бўйида жойлашган ва балиқчилар ҳамда сайёҳлар шаҳри бўлган, Буэнос-Айресдан 400 км. узоқда жойлашган Мар-дель-Платада туғилди. Отаси - Рауль Торрес тоғаси ва акаси билан ғишт заводига эгалик қиларди. Серхио ҳам ёшлигидан ушбу корхонада ишлади. Зеро, унинг ота-онаси фарзандларига бошқа юмушни таклиф ҳам қилишолмасди. Шундай бўлса-да, болалигидан футболга ихлос қўйган Серхио маҳаллий «Кильмес» клуби машғулотларида қатнашди, аммо ҳеч ким уни ҳатто шаҳар даражасидаги иқтидор сифатида тан олмади. Серхио Мар-дель-Платадаги клублар - «Альдосиви» ва «Альварадо»да ўзини синаб кўрмоқчи ҳам бўлди, бироқ эришолгани фақат назоратдан ўтишга берилган рухсат эди, холос.

Рауль Торрес завод молиявий аҳволи ишончли қўлларда бўлишини хоҳлагани учун Серхио ҳисобчи бўлишини хоҳларди. Ота хоҳишини амалга оширишни чин кўнгилдан истаган фарзанднинг молия университетига топширган имтиҳонлари эса муваффақиятсиз чиқди ва эришолгани жисмоний тарбия институти талабаси бўлиш бўлди, холос. 2 йил давомида олий таълим олган йигит «Банфилд» клуби ёшлар таркибида миллий ҳаваскорлар лигасида тўп суриш имкони туғилгани заҳоти бу ўқишни ҳам ташлади.

Ўша йиллари Аргентинада оғир иқтисодий таназзул давом этар, ҳатто Буэнос-Айрес провинцияси масъуллари ҳудудлар билан пул эмас, патакона деб аталмиш облигациялар билан ҳисоб-китоб қилишгача боришганди. Лекин буларнинг бари Торресни футбол ўйнаш истагидан мосуво қилолмади. Йигит ойига 400 патакон олиш учун ғишт заводида ишлар ва футбол ўйнаб чарчамасди. Бир йилдан кейин эса у келгуси ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборган юмушга қўл урди: яъни, DVDга ўзининг энг яхши учрашувларини ёздириб олди. Бу юмуш ҳам енгил кечмади. Ҳамма гап шундаки, ўта камтар бўлган йигит футболда ҳам камсуқумлигини қўймасди: ўта қулай вазиятларда дарвозани ишғол қилиш ўрнига тўпни шерикларига оширар ва барча олқишлар бошқаларга насиб қиларди. Шу боис, Серхиога хориждан бирор жамоа топишда ёрдам беришни кўнглига туккан «Бока Хуниорс»нинг собиқ футболчиси - ўз вақтида Боливия ва БААда тўп сурган Алехандро Жунтинига осон бўлмади. Шунга қарамай, Алехандронинг кўҳна қитъада таниш агенти бўлиб, Хулио Алексанисер деган бу шахс Серхио Торреснинг кичик қаҳрамонликлари туширилган дискни қўлтиғлаганича бормаган клуби қолмади. Бу юмушда унга асли камерунлик бўлган яна бир агент - Ролан ёрдам берди.

Излаган топади, дейишганидай, Серхиони синаб кўришга рози клуб ҳам ниҳоят, топилди - Англиядаги ҳаваскорлар жамоаси «Депортиво Мадрин». Аммо яна бир муаммо бор эди: Серхио Торрес ҳеч қачон нафақат Аргентина, балки ўзи яшаётган вилоят ҳудудидан ҳам четга чиқмаганди. Шу сабабли, уни машҳур «Аралаш» ҳажвий журналида илк бор ахлатни ташқарига тўккани чиққан боладай бутун уруғ-аймоғи кўз ёш билан кузатиб қўйди. Бунга қадар эса йигит 2 йил йўлкирага пул жамғарди. Самолётга чипта харид қилинганда эса чўнтагида бор-йўғи 300 АҚШ доллари қолганди, холос.

2003 йилнинг ноябрида Серхио Торрес чиққан самолёт Лондон аэропортига келиб қўнди. Инглизчани мутлақо билмайдиган 22 ёшли йигит ўзи учун мутлақо нотаниш бўлган мамлакат пойтахти аэропортининг кутиб олиш биносига кирди ва қўлида TORRES деган ёзувни ушлаб олган одамга кўзи тушгач, уни энг қадрдон кишисидай қучоқлаб олди. Шу пайт қаёқдандир Хулио Алексанисер пайдо бўлди ва нотаниш кишининг исми Ролан эканлигини айтганча, вақтинча уникида яшаб туришини таъкидлади. «Ҳозирча ҳаммаси жойида, - деб хаёлидан ўтказди чўнтагидаги 300 долларни аста пайпаслаганча Серхио. - Ижара пули ёнга қоладиган бўлди».

Уйда яна бир нечта африкалик бор экан, аммо уларнинг бирортаси ҳам испанчани билмас, ўзаро мулоқотни французчада олиб боришарди. Она тилидан бошқа бирорта ҳам тилни билмайдиган Серхио Торресни уйда яна бир нохуш хабар қаршилади: «Брайтон»даги машғулотлар келгуси ҳафтада бошланади. Узоқ учишдан кейин фақат ухлаш ҳақида ўйлаётган аргентиналик мезбон кўрсатган жойга ўзини ташлади-да, дарҳол уйқуга кетди. Ярим кечаси эса қаттиқ зарбдан уйғонди. Маълум бўлишича, бу каравот африкаликларнинг бирига ҳам тегишли экан. Кейинчалик Серхио Diarij Ei Clarin нашрига берган интервьюсида тан олиб айтишича, «ўша одам ўта семизлиги етмаганидай, қаттиқ ҳуррак отар ва асло уйқу бермасди». (Дарвоқе, Серхио Торреснинг Европада бошидан кечирган ажабтовур ҳангомалари тўғрисидаги ўша интервью Аргентина президенти Нестор Киршнер ўлимидан бир ҳафта кейин газетада чоп этилди ва газетхонлар энг кўп ўқиган материаллар сирасидан жой олди. Ҳозир журналист Наутро Мануэль Лопес Серхио ҳақида китоб ёзяпти).

Душанба келди ва ташқаридаги шундоқ ҳам совуқ ҳавога қаттиқ жала ҳамда кучли шамол ҳам қўшилди. Серхио Ролан ҳамроҳлигида «Брайтон» машғулотларига йўл олди. Машғулотлар давомида у ўзидан ёмон таассурот қолдирмаган бўлса-да, барча футболчилар унга ўта таажжубланган кўйи қарашаётганликларини сезиб қолди. Ҳамма гап шунда эдики, Серхионинг бутсалари яроқсиз ҳолга келиб қолган ва янгисини сотиб олишга унда пул йўқ эди. У имо-ишоралар ёрдамида Роландан янги пойабзал сотиб олишга ёрдам беришни сўради. Ҳамроҳи эса ё уни тушунмади ёки тушунишни истамадими, Торрес учун жамоадаги футболчиларнинг биридан бутса сўраб қўя қолди. Аммо у Торресга 10 йил олдин тўғри келганда ҳам катта гап эди. Шундай бўлса-да, Серхио панжаларини букканча бир амаллаб бутсани оёқларига илиб олди ва ҳамма қатори нималарга қодирлигини кўрсата бошлади. Шу лаҳзаларда уни биргина нарса - ҳаммаси тезроқ тугаса-ю, лаънати бутсани оёқларидан ечиб ташлаш қийнарди, холос.

Бу машаққатларга «Брайтон» мураббийи Мартин Макги туз сепгандай бўлди. У Торреснинг техникаси ёмон бўлмаса-да, жисмонан инглиз футболига тўғри келмаслигини айтиб, унга чиқиш эшикларини кўрсатди.

Серхио Торресга биргина йўл - уйга қайтиш қолганди, холос. Аммо у бундай қилолмасди. Йўқ, унинг пули аллақачон тугагани бунга сабаб бўлолмасди. Ҳамма гап шундаки, у кичкиналигида отаси билан футболга борганда барча томошабинлар бир футболчининг устидан мириқиб кулишганди. Отаси эса бу спортчи бир неча йил олдин омадини синаш учун Европага йўл олганини, аммо муваффақиятсизликка учраб, ватанга қайтганини айтганди. Серхио ҳам унинг кўйига тушиши керакми? Асло!

Шундан сўнг Ролан истар-истамас Торресга янги клуб ахтаришга киришди, Серхио эса формасини сақлаш учун мактаб спорт майдонида югура бошлади. Аммо кунларни қувиб ҳафталар, ойлар ўтса ҳамки уни таркибига қўшиб оладиган жамоа топилавермасди. Шундай кунларнинг бирида Торреснинг барча нарсадан ҳафсаласи пир бўлди ва бор гапни телефон орқали ота-онасига айтди. Ўғлини оғир кунларда қўллаб-қувватлаш учун бечора ота Лондонга билет ҳам сотиб олди. Уйга яна бир Лотин америкасилик меҳмон келаётганини эшитган Роланнинг фиғони фалакка чиқди. Бундан аразлаган Серхио уйдан чиқиб кетишни маъқул кўрди. Кетиш олдидан эса Роланга барчаси учун раҳмат айтилган откритка қолдиришни унутмади.

2004 йилда Серхио Лондонга онаси дугонасининг ўғли келганидан хабар топди. Бу йигит ҳам ҳаваскор футболчи эди. Шу баҳона икки аргентиналик 9-дивизион иштирокчиси «Молиси» жамоаси таркибидан ўрин олишди. Аммо бу клубда маошлар жуда кам бўлиб, футболчилар ҳафтасига 2 пенни ҳам олишолмасди. Шунга қарамай, орадан бир неча ой ўтгач 2 Лотин америкасилик футболчига 6-лига иштирокчиси бўлган «Бэсингсток» клуби харидор бўлди. Бу ерда йигитлар «Кэмроуз» стадиони трибуналарининг бирида - меҳмонлар учун ажратилган кийим алмаштириш хонасида яшашди. Шу тариқа яна 3 ой ўтди.

«Бир учрашувдан кейин ёнимга «Бэсингсток» мухлиси келди-да, яшаш учун уйидан жой беришга тайёрлигини айтди, - дейди Серхио кейинроқ BBC ва Daily Vаilга берган интервьюсида. - Жон деб рози бўлдик. Аммо бахтиёрлигимиз остона ҳатлаб ичкарига киришимиз билан ҳавога учди. Маълум бўлишича, бу мухлис 2 ҳафта олдин уйланган экан».

Шунга қарамай, аргентиналиклар 4 ой бу уйда меҳмон бўлишди. Орада Серхио пойабзал омборига юк туширувчи бўлиб ишга кирди. Кечқурунлари машғулотларга қатнади, якшанба кунлари футбол ўйнади. Шу тариқа 1 бир йил ўтди. Торрес «Уик Уондерерс»га қарши ўртоқлик баҳсида рақиб жамоаси бош мураббийи Жон Горманга шу даражада ёқиб қолдики, мазкур клуб 24 ёшли футболчи ҳаётида илк бор унга профессионал шартнома таклиф қилди. 2006 йил ёзида Торрес тўп сураётган клубга Пол Ламберт - «Уиком»ни «Фулхэм» ва «Чарлтон»лар тўсиғидан олиб ўтиб, лига кубоги ярим финалигача олиб борган киши бош мураббий этиб тайинланди. Бу сафар Торрес жамоасига Жозе Моуриньонинг «Челси»си - таркибида Лемпард, Баллак, Дрогба, Коул ва Шевченколар бўлган клуб рақиб бўлди. «Уиком» уйда 1:1 ҳисобидаги дурангга эришган бўлса-да, «Стэмфоорд Бридж»да йирик ҳисоб(0:4)да мағлуб бўлди. Серхио Лондондаги ўйинда ярим соат майдонда тўп сурди, холос. Аммо бутун учрашувни ҳали-ҳануз ёдида сақлайди.

Орадан яна ярим йил ўтгач, «Уиком» Германияда мавсумолди тайёргарлигини олиб бораётганида Серхио Торрес ўзининг жуфтини топди. Бир ойдан кейин Лондонга кўчиб ўтган Лена унга икки қиз туғиб берди.

«Уиком» Торресни «Птерборо»га - Алекс Фергюсоннинг ўғли Дарен шуғуллантираётган клубга 150 минг фунтга сотиб юборди. Аммо жароҳати боис у бу ерда ўзини кўрсатолмади. 2010 йилда эса Стив Эванс уни «Кроули Таун»га таклиф қилди ва орадан ярим йил ўтгач бу иши нақадар тўғри бўлганини тан олди: Англия кубогининг учинчи босқичида «Торки» жамоасига қарши бўлган баҳс ниҳоясига етишига саноқли дақиқалар қолганида Торрес 20 метрлар чамаси масофадан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди ва клубни кейинги босқичда тўп суришини таъминлади.

Учрашув ниҳоясига етганидан сўнг Серхио телевизорлар билан савдо қилувчи дўконга қараб чопди ва сотувчидан 5-босқич қуръаси натижаларини билиш учун бошқа каналга олишни сўради. Маълум бўлишича, «Кроули»нинг навбатдаги рақиби «Манчестер Юнайтед» экан.

Ўша баҳсни Торреснинг отаси майдоннинг ўзида туриб томоша қилган бўлса, онаси-ю синглиси телевизор орқали кўришди. Ўйин бошланиши олдидан жамоадошлари сафида 70 мингдан ортиқ томошабин тўпланган стадионга чиқишга тайёр турган Серхио Торреснинг кўзи олдидан ушбу унутилмас дақиқаларга етиб келгунча бошидан кечирган барча воқеалар бирма-бир ўтди: ғишт ишлаб чиқарадиган завод печлари, Патагонияда ўтказган оғир кунлари, 6 нафар камерунлик билан бир хонада тургани, 2 ўлчам кичик бўлган бутси, мактаб спорт майдонидаги машғулотлар, трибуналарда ўтказган беҳаловат тунлар, пойабзал фабрикасидаги иш...

Ўша учрашувни Серхио Торрес ажойиб ўтказди, бироқ жамоаси 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўйиндан кейин чўнтагига майса солганча кийиниш хонасидан чиққан Серхиони ташқарида отаси кутиб турарди. Ота фарзандини қучаркан, «Мен сен билан фахрланаман!», деди. Ўша лаҳзаларда эса олдиларидан Майкл Каррик ва Уэйн Руни ўтиб боришарди - улар учун бу оддий ўйин ва ғалаба эди. Юлдузлар бу баҳсни эртаси куниёқ унутишди, аммо асло Серхио Торрес эмас.

Манба: Sports.ru, И.МУРОДОВ тайёрлади.

- деб хабар бермоқда Stadion.uz нашри.


Категория: Спорт UZ     Нашли ошибку?

Похожие музыки

Похожие клипы

Добавить комментарий

avatar