Скачать Демо музыку бесплатно в mp3 формате.
Добро пожаловать на наш Узбекский музыкальный сайт ELLO.UZ! На нашем сайте вы найдете альбомы популярных Узбекских исполнителей и сможете скачать их целиком. Все исполнители удобно отфильтрованы по жанрам. В верхней части сайта расположен поиск песен, где вы сможете найти любого Узбекского исполнителя, либо найти песню, которую вы так давно искали. Если вам нужно скачать музыку бесплатно в формате Узбекский MP3 и Узбекский Клип , то это именно тот сайт, который вам пригодится и вы можете его Добавить в Закладки.
,
BEK
BEK (Администратор)
Shuhrat
Shuhrat (Журналист)
ELLO
ELLO (Журналист)

22.01.2016

Шуҳрат Мақсудов: «Ўғлимга ҳакам бўлишни тавсия қилдим»

Автор: Sport-Uz Комментариев: 0            Просмотров: 171
Шуҳрат Мақсудов: «Ўғлимга ҳакам бўлишни тавсия қилдим»

Ўзбек футболи тарихи саҳифаларига назар ташласак, барча даврларда ўзига яраша кучли ҳужумчиларга эга бўлганмиз. Геннадий Красницкий, Биродар Абдураимов, Тўлаган Исоқов, Владимир Фёдоровдан сўнг Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов, Равшан Бозоров каби ҳужумчилар авлоди шаклланди. Кейин Максим Шацких катта саҳнага чиқди. Александр Гейнрих, Марат Бикмаев сингари олдинги чизиқ вакиллари ҳам ўз номларига эга бўла олишди. Айни пайтда Игорь Сергеевнинг даври келган. Ана шундай футболимиз тарихида ўз номини қолдира олган ҳужумчиларимиздан яна бири бу Шуҳрат Мақсудовдир. Ёдингиздами, ҳалигача зўр завқ билан тилга оладиганимиз - Хиросимадаги 12-Осиё ўйинларининг футбол мусобақаси якунида айнан Мақсудов мамлакатимиз байроғини стадион узра баланд кўтарган эди. Хитойга қарши кечган финал учрашувидаги сўнгги голни ҳам Шуҳрат ака урганди. Дастлаб «Чиғатой» футбол мактабида таҳсил олган Мақсудов миллионлар ўйинидаги дастлабки сабоқларни Юрий Госпадарчукдан олди. Кейинчалик отаси орзу қилганидек, «Пахтакор» жамоасида тўп сурди. 1991-1996 йиллар оралиғида шонли жамоамиз таркибида 88та расмий учрашувда майдонга тушиб, 51та гол урди. Ўзбекистон миллий термасида ўйнаш орқали падарининг орзусини рўёбга чиқарди. Бош жамоа либосида 21та ўйинда 11та голга муаллифлик қилди. Кейинчалик «Пахтакор»дан «Нефтчи»га кўчиб ўтган истеъдодли ҳужумчи 4 мавсум давомида фарғоналиклар шарафини ҳимоя қилди. Бу йиллар мобайнида у шунча маротаба мамлакат вице-чемпиони бўлди. Сурункали жароҳатлар эса унинг футболчилик фаолиятини якунлашига салбий маънода замин яратди. Шундан сўнг Юрий Саркисянга ёрдамчи сифатида мураббийлик фаолиятини бошлади. Бугунги кунда эса ЎФФ Терма жамоалар марказида меҳнат қиляпти. Биз куни кеча Шуҳрат Мақсудов билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдик.

- Шуҳрат ака, суҳбатимиз аввалида миллионлар ўйинидаги илк қадамлар ҳақида гапириб берсангиз. Боиси, бу ҳам кекса, ҳам ёш авлод учун жуда ҳам қизиқарли бўлиши табиий...

- Футбол билан кўпчилик қатори 10 ёшимдан шуғулланишни бошлаганман. Раҳматли отамнинг ўзлари Қорақамиш даҳасидаги «Чиғатой» футбол мактабига олиб боргандилар. У ерда мени таниқли мутахассис Юрий Госпадарчук қабул қилган. Биласиз, бу мутахассис дўстим Миржалол Қосимовнинг ҳам биринчи мураббийи ҳисобланади. Миллионлар ўйинидаги илк қадамлар айнан Юрий Госпадарчук қўл остида «Чиғатой» футбол мактабида қўйилган. Кейин 1987 йили 10-синфни тамомлаганимдан сўнг «Пахтакор» жамоасининг ўринбосарлар таркибига таклиф этилганман. Ўша пайтда пойтахт клубига Биродар Абдураимов ва Фёдор Новиков мураббийлик қилишарди. 1996 йилгача, яъни 10 йил давомида шонли жамоамиз шарафини ҳимоя қилганман. 1997 йили эса Фарғонанинг «Нефтчи» клубига ўтганман. 2001 йилгача Юрий Саркисян қўл остида ўйнаб, 4 маротаба чемпионат кумуш медалларига сазовор бўлдим. Лекин чемпионликка эришолмадик. Афсуски, жароҳатлар сабаб 2001 йили футболчилик фаолиятимни якунлашга мажбур бўлдим ва кейинчалик Фарғонада Юрий Вазгеновичга ёрдам бердим. Шу тариқа, мураббийлик фаолиятим бошланди.

- «Пахтакор»да 10 йил тўп сурдим, дедингиз. Кўпчилик қатори сизда ҳам болаликдан шу клуб сафида ўйнаш орзуси бўлгандир?

- Албатта. Футболчилик фаолиятим давомида ушбу саволга ҳамиша мамнуният билан жавоб берганман. Чунки бу менга ёшликни эслатади. Болалигим «Чорсу» майдонидан тепароқда, «Сағбон» кўчасида ўтган. Ўша ерда туғилиб ўсганман. Кечагидек ёдимда, уйимизнинг томидан шундоққина «Пахтакор» аренасининг прожекторлари кўриниб турарди. Стадион томонга қараб, «Қачонлардир менга ҳам ўша ерда ўйнаш насиб қилармикан?» деб орзу қилардим. Раҳматли отам футболнинг ашаддий ишқибози бўлганлар. «Болам, «Пахтакор»да ўйнасанг, орзуим ушаларди», деб дуо қилардилар. Шу гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглаб турибди. Шукрки, отам иккимизнинг орзуларимиз ушалди. Инсон бир нарсага эришгандан кейин мақсади яна катталашиб бораверар экан. Ўзбекистон миллий термаси таркибида майдонга тушишни хоҳлагандим, ниятимга етдим. Бош жамоамиз либосида ўйнадим, байроғимизни халқаро майдонда кўтариш насиб этди. Бундан жуда ҳам хурсандман.

- Миллий термамиз мавзуси очилди. Унинг таркибидаги илк ўйин ва голингиз ёдингиздами?

- Бош жамоадаги биринчи голимни Бишкек шаҳрида Қирғизистон термасига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувида урганман. Кейин «Пахтакор» стадионида Голландиянинг «Витесс», АЕК клубларига қарши кечган ўйинларда ҳам европаликлар дарвозасини ишғол қилганман. Терма жамоадаги энг ёрқин фаолиятим 1994 йилги мавсумга тўғри келади. Ўшанда биз Япониянинг Хиросима шаҳрида ўтказилган 12-Осиё ўйинларида ғолиб бўлганмиз. Айнан шу ғалаба миллий термамиз тарихида ягоналигини сақлаб келмоқда. Ўшанда Туркманистон термасига қарши баҳсда иккита тўп киритганман. Фаолиятимдаги энг эсда қоладиган голим эса финалда киритилгани. Хитойликлар билан ўйиндаги сўнгги тўртинчи гол айнан менинг ҳисобимга ёзилганди. Жуда ҳам чиройли, ҳужумкор руҳда ўтган ўйинда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонганмиз. Бизга чемпионликни
тақдим этган Осиё ўйинларининг сўнгги ўйинида урган голим фаолиятимдаги энг ёқимлисидир.

- 12-Осиё ўйинлари алоҳида мавзу. Очиғи, ўша пайтда сафар олдидан термамизнинг шундай тарихий ғалаба билан қайтишига кўпчилик ишонмаганди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Аслида, Осиё ўйинлари олдидан бош жамоамизга турнир фаворити сифатида қарамаган бўлишлари мумкин. Лекин биз, яъни миллий термамизнинг барча аъзолари, шифокордан тортиб то футболчиларгача, барчамиз ғалаба қозонишимизга ишонганмиз. Майдондан ташқарида ҳам жуда аҳил эдик. Бир оила аъзоларидек бўлиб қолгандик. Рақиблар ҳам қайсидир маънода, беписандроқ муносабат билдиришган. Бу эса бизнинг фойдамизга ишлаб, кетма-кет қўлга киритилган ғалабаларга замин яратган. Осиё ўйинларида эришилган ютуқнинг салмоғи, унинг моҳияти қанчалик юқори эканлигини вақт ўтгани сари тушуниб етяпмиз. Бу йил ўша тарихий ғалабага 22 йил тўлади. Аммо назаримда, худди кеча бўлиб ўтгандек таассурот қолдиряпти. Бу мустақиллик йилларида эришилган дастлабки катта ютуқ эди. Ҳақиқатан ҳам, таркибимиз жуда ҳам кучли, шу билан бирга, иноқ бўлган. Ғалабанинг калити ҳам шундадир, эҳтимол. Аҳилликда гап кўп, ягона мақсад сари биргаликда ҳаракат қилинса, албатта, кўзланган мақсадга эришилади. Қолаверса, стадиондаги мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшган. Айниқса, ярим финалда Кореяни мағлубиятга учратганимиздан кейин маҳаллий ишқибозлар ҳам бизга мухлислик қилишган. Ўшанда Корея мусобақа мезбони - японияликларни таслим этганди. Табиийки, ярим финалда маҳаллий мухлислар бизни қўллаб-қувватлашган.

- Ўша пайтда терма футболчилари турли клублардан таклиф этилганди. Масалан, дўстингиз Миржалол Қосимов Владикавказнинг «Спартак-Алания»сидан, Игорь Шквирин Исроил чемпионатидан сафга келиб қўшилганди. Бу ҳолат бир-бирингизни тушуниб ҳаракат қилишда муаммо туғдирмаганми?

- Йўқ, албатта. Энг муҳими, ҳар бир чизиқ вакиллари ўз вазифаларини аъло даражада бажаришган. Дарвозамизни Юрий Шейкин ажойиб тарзда қўриқлаган. Айниқса, Корея билан ўйинда унинг маҳорати ва жасорати терма жамоамизни финалга олиб чиққанди. Майдон марказида Сергей Лебедев, Илҳом Шарипов, ҳимояда эса Фарҳод Магометов, Андрей Фёдоров, Февзи Давлетов ва Улуғбек Рўзимов сингари тажрибали футболчилар тўп суришган. Ҳужумда - Игорь Шквирин, Азамат Абдураимов ва мен. Шунингдек, терма жамоамиз муваффақиятида мураббийларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлган. Рустам Акрамов ва Биродар Абдураимов биргаликда бизни ғалабалар сари етаклашган. Ҳар бир рақиб жиддий тарзда ўрганилган. Назарий машғулотларда бизга рақиб ҳақида маълумотлар, тегишли кўрсатмалар бериб боришган.

- Жанубий Кореяга қарши кечган ярим финал учрашувини финалга қиёслашган. Корейслар бутун ўйин давомида тўпни назорат қилиб, катта устунликка эришишган. Лекин якунда кўпроқ ҳимояланган жамоа ғалаба қозонган. Ўша муваффақиятни омад туфайли келган, дейиш мумкинми?

- Биласизми, омад ҳам кучлиларга кулиб боқади. Лекин тан оламан, ўша куни кореяликлар бизга нисбатан кучлироқ ўйин намойиш этишганди. Дарвозамиз олдида тинимсиз хавфли вазиятларни юзага келтиришган. Юқорида айтганимдек, Шейкин жамоамизни бир неча бор муқаррар голлардан қутқариб, «дарвозабон - ярим жамоа» иборасини юз фоиз оқлаган. Биз асосан қарши ҳужум тактикасида ҳаракат қилганмиз ва Азаматнинг ажойиб голи эвазига мақсадимизга эришганмиз.

- Азамат Абдураимовнинг суперголи ҳақида қандай фикрдасиз?

- Кечагидек ёдимда, Азаматнинг зарбасидан сўнг тўп дарвозабон учун ноқулай траектория олиб, якунда тўрдан жой олганди. Ўша пайтда бу гол ҳақида маҳаллий матбуотда жуда кўп ёзилган, гапирилган, телевидение орқали қайта-қайта намойиш этилган.

- Миллий термамиз финалда 4:2 ҳисобида зафар қучган. Ташқаридан қараганда, бу ғалаба осонликча қўлга киритилгандек тасаввур уйғотади. Лекин унга қай йўсин эришилгани майдонда 90 дақиқа давомида ҳаракат қилганларга аён. Шундай эмасми?

- Тўғри, тўртта гол урдик, шунга қарамай, финалда осонликча ғалаба қозондик, демаган бўлардим. Менимча, ўша куни майдонга тушган ҳар бир футболчи шундай фикр билдирса керак. Кетма-кет иккита тўп киритганимиз бизнинг фойдамизга хизмат қилганди. Ҳисоб 3:2 бўлиб турган бир пайтда дарвозамиздан тўп ўтказиб юборганимизда, воқеалар ривожи бошқача тус олиши ҳам мумкин эди. Термамизнинг тўртинчи голини урганимдан сўнг бироз енгил тортганмиз.

- Келинг, оилангиз ҳақида ҳам гаплашсак. Бугунги кунда фарзандларингиз шонли йўлингизни давом эттиришяптими?

- Яратганга шукр, 4 фарзандим бор. Уч нафари қиз, бири ўғил. Ўғлим 5 ёшидан футбол билан шуғуллана бошлаган. Лекин олдиндан футболчининг зурриёди албатта, футболчи бўлади, деб ҳеч ким кафолат беролмас экан. У ҳам 19 ёшигача футбол ўйнади. Айни пайтда Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида 2-босқич талабаси. Бир йилдан буён ҳакамлик билан шуғулланяпти. Футболимиз ифтихори Равшан Эрматовга ҳавас қилиб, реферилик фаолиятини бошлади. Ўзини янги йўналишда синаб кўряпти. Ажаб эмас, яқин йилларда яна бир истеъдодли ҳакамга эга бўлсак. Ўғлимдан умидим катта.

- Машҳур футболчининг фарзанди ўртамиёна бўлиб қолмаслиги керак, деган гаплар бор. Бу сизнинг обрўингизга салбий таъсир қилиши мумкин, турли гап-сўзларга сабаб бўлиши тайин. Балки, шу жиҳатларни ҳам ўйлаб, унга ўз тавсияларингизни бергандирсиз?

- Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, мана шу сўзни айтиш учун бир йил давомида тайёргарлик кўрдим. Худди юрагимдан узиб олгандек, охири ўғлимга айтдим. «Бўлди, футболчилик фаолиятингни якунлаб, ўзингни ҳакамликда синаб кўргин», дедим. Оқни оқ, қорани қора дейиш - отанинг вазифаси, бурчи. Лекин бу гапларни айтиш мен учун осон эмасди. Ўртамиёна футболчи бўлгандан кўра, бошқа касбни танлаган минг марта афзал. Ўша суҳбатдан сўнг бир-биримизни тушундик, ўғлим гапларимни тўғри қабул қилди. Шукрки, ҳозирча кўрсаткичлари ёмон эмас. Бошқарган ўйинларини бориб кузатдим. Кўзга кўринган мутахассислар билан ҳам гаплашдим. Улар ижобий фикр билдиришди. Ўйлайманки, ҳакамликда ўзига яраша ютуқларга эришиб, юзимни ерга қаратмайди.

- Янги мавсумдан нималарни кутяпсиз?

- Ҳар доимгидек, ўзбек футболи учун омадли келишига тилакдошман. Мавсумни олимпиячиларимиз бошлаб беришди. Олдинда ОЧЛ баҳслари бор. Унда қатнашадиган тўртта клубимизга ҳам зафар ёр бўлсин. Биласиз, бу турнирдаги энг яхши натижамиз ярим финалдир. Тилагим - жорий йил жамоаларимиз камида финалгача етиб боришсин. Қолаверса, миллий термамиз саралашнинг навбатдаги босқичида ғалабали серияни давом эттирсин. Менимча, ҳар бир футбол мухлисининг орзуси, нияти шу бўлса керак. Режага кўра, 19 январь куни ўсмирлар терма жамоаси билан бирга Қатарга жўнаб кетамиз. У ерда 21 ва 23 январь кунлари Қатар ўсмирларига қарши иккита ўртоқлик ўйинимиз бор. Ушбу йиғин Осиё чемпионатининг саралаш босқичига тайёргарлик кўриш йўлида муҳим ҳисобланади. Истагим шуки, кейинчалик «2016 йил ўзбек футболи учун энг баракалиси бўлди», деб эслаб юрайлик.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди



Категория: Спорт UZ     Нашли ошибку?

Похожие музыки

Похожие клипы

Добавить комментарий

avatar