Скачать Демо музыку бесплатно в mp3 формате.
Добро пожаловать на наш Узбекский музыкальный сайт ELLO.UZ! На нашем сайте вы найдете альбомы популярных Узбекских исполнителей и сможете скачать их целиком. Все исполнители удобно отфильтрованы по жанрам. В верхней части сайта расположен поиск песен, где вы сможете найти любого Узбекского исполнителя, либо найти песню, которую вы так давно искали. Если вам нужно скачать музыку бесплатно в формате Узбекский MP3 и Узбекский Клип , то это именно тот сайт, который вам пригодится и вы можете его Добавить в Закладки.
,
BEK
BEK (Администратор)
Shuhrat
Shuhrat (Журналист)
ELLO
ELLO (Журналист)

04.01.2016

Футбол: ўтмиш, бугун ва эртага

Автор: Sport-Uz Комментариев: 0            Просмотров: 260
Футбол: ўтмиш, бугун ва эртага

2015 йил давомида ўзбек футболининг кўплаб ёрқин юлдузлари билан учрашишга муваффақ бўлдим. Ана шундай ажойиб кунларнинг бирида, Ўзбекистон футбол федерацияси биноси яқинида Ахбор Имомхўжаевни - Ўзбекистондаги энг таниқли спорт журналистини учратиб қолдим ва уни бир гуруҳ фахрийлар даврасида суратга олди. Орадан анча вақт ўтгач, аниқроғи 9 декабрда яна ўша ерда учрашиб қолдик. Кўпчиликка маълум, «Пахтакор-79»нинг энг истеъдодли футболчиларидан бири, марҳум Михаил Ан худди шу куни таваллуд топганди. Биз Ахбор ака билан узоқ суҳбатлашдик. Мулоқотимиз асосан «Пахтакор» ва замонамизнинг энг кучли футболчилари ҳақида борди...

Ахбор Имомхўжаевнинг хотираларидан: - Мен Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия олийгоҳида катта ўқитувчи бўлиб ишлардим. Ўша пайтлари каминага спорт қўмитасидан қўнғироқ қилиб, қишки таътил вақтида Кавказда бутуниттифоқ терма жамоаларининг йиғини бўлиб ўтишини айтишди. Ўзбекистондан эса бу йиғинга Г. Титов номидаги спорт интернатида таҳсил олаётган олти нафар спортчи чақирилибди. Мен уларнинг вакили сифатида йиғинга таклиф этилдим. Кавказдаги барча маш­ғулотларга мамлакатда хизмат кўрсатган мураббий Евгений Лядин раҳбарлик қилди. Йиғиннинг учинчи кунига келиб футболчилар икки жамоага бўлиниб, ўйин ўтказишди. Уларнинг бирига Михаил Ан сардор қилиб тайинланди. Йиғин якунида барча мураббийлар менинг олдимга келиб, Миша Анни порлоқ келажак кутаётганини айтишди.

- Мана, кўрасиз - деганди Евгений Лядин хайрлашаётган чоғимизда қўли билан Михаил Анни кўрсатиб. - У келажакда йирик футбол профессори бўлиб етишади.

Ҳамон ёдимда, ўшанда заминимиздан шундай порлоқ истеъдод етишиб чиқаётганидан кўксим фахр ва ғурур туйғуларига тўлганди. Мен Ан билан ана ўша чоғларда танишганман. Ҳамфикр бўлганимиз учун биз тезда иноқ дўст бўлиб кетдик. Миша хорижда бўлган вақтларида менга спортга оид турли-туман кўкрак нишонларини олиб келарди. Зеро у мен бундай нишонлардан коллекция тўплашимдан хабардор эди.

Таъкидлаш лозим, Мишанинг футболдаги фаолият йўли анча силлиқ кечди. У собиқ иттифоқ ёшлар терма жамоаси сафида Европа чемпиони бўлди, терма жамоа ва «Пахтакор»да сардорлик вазифасини бажарди. Мамлакатнинг энг яхши 33 футболчиси қаторида бир неча марта тилга олинди, халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига лойиқ кўрилди. Шундан кейин икки марта мамлакат терма жамоаси таркибида тўп сурди. Аммо мудҳиш фожиа уни орамиздан бевақт олиб кетди... Агар шу фожиа рўй бермаганида, у бундан-да катта натижаларга эришган бўларди..

Кунларнинг бирида мен Тошкентдаги стадионда Димани - Михаил Аннинг ўғлини учратиб қолдим. Ўшанда у 10 ёки 12 ёшларда эди. Мен у билан гаплашиб, ундан отаси хотирасига интервью беришини илтимос қилдим. Шу тариқа, эртаси куни Ўзбекистон телевидениеси ижодий гуруҳи билан «Политотдел» колхозига етиб бордик. Аммо кутилмаганда Дмитрий кайфияти йўқлигини айтиб, интервьюдан бош тортди. Уни фикридан қайтаришга режиссёр, оператор, редактор... Ҳамма уриниб кўрди. Шунда ўзим орага тушишга қарор қилдим ва унинг елкасидан қучиб, отаси мен билан қалин дўст бўлганини, хориждан кўкрак нишонлари келтириб берганларини сўзладим. Хуллас, уни бир амаллаб кўндирдим.

Кейинчалик Дмитрий ҳам отаси изидан бориб, футболга меҳр қўйди ва айни кунда «Пахтакор» клубида болалар мураббийи бўлиб ишламоқда. Унда мураббийликка алоҳида салоҳияти бор. Масалан, 2015 йилнинг августида Дмитрий қўли остидаги 2003 йили туғилган «Пахтакор» ёш тарбияланувчилари Жанубий Кореяда ўтказилган халқаро турнирда биринчи ўринни эгаллашди. Ҳолбуки, мазкур мусобақада 24 жамоа иштирок этган ва улар орасида Япония, Хитой, Корея ва бошқа юртларнинг машҳур, кучли клублари академиялари тарбияланувчилари ҳам қатнашишганди. Турнир финалида ўзбек ёшлари кореялик тенгдошларига қарши тўп суриб, 2:1 ҳисобида мезбонларни мағлуб этишди. Шубҳасиз, бу - ютуқ. Ким билади дейсиз, яна 8-10 йиллардан кейин худди шу болалар терма жамоамиз ўзигини ташкил қилар?..

Делегациямиз сафардан қайтгач, Дмитрийга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табрикладим. Худди шу пайтда ота ва ўғилни ягона омил - футболга муҳаббат бирлаштириб туришини ўйлаб қолдим.

Энди эса миллий терма жамоамизнинг бугунги ютуқлари ҳақида фикр юритсам: маълумки, футболчиларимиз ЖЧ-2018нинг иккинчи саралаш босқичини мағлубият билан бошлашди (КХДР, 4:2). Аммо худди шу ўйиндан кейин жамоамиз ўзгарди ва бундан буёғига биз фақат ғалаба таъмини сездик. Ҳозирча вакилларимиз гуруҳда 17 очко тўплаб, КХДР термасидан кейин иккинчи ўринда туришибди ва ишончим комил, Тошкентда ўтадиган сўнгги икки турдан сўнг термамиз биринчи ўринга кўтарилиб олади.

Шунингдек, терма жамоага устозлик қилаётган Самвел Бабаяннинг мағлубиятларсиз сериясини ҳам эътироф этишни истардим. Одил Аҳмедов, Игорь Сергеев, Сардор Рашидов, Сервер Жепаров, Анзур Исмоилов, Виталий Денисов, Азиз Ҳайдаров, Александр Гейнрих каби энг яхши футболчилар тўпланган бу жамоа билан мундиалга йўлланма олиш имконияти ҳар қачонгидан-да яхшироқ. Агар орзуларимиз амалга ошса, аминманки, МДҲнинг барча давлатлари мухлислари терма жамоа­мизга ишқибозлик қилишади. Мен фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча футбол ихлосмандларини кириб келаётган Янги йил билан табриклайман ва 2016 йил ўзбек футболи учун энг омадли давр бўлишини чин дилдан истаб қоламан!».

Сиз яхши билган инсон - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий, республика тоифасидаги ҳакам, ХХ асрнинг энг яхши спорт журналисти, таниқли шарҳловчи Ахбор Имомхўжаев суҳбатимиз давомида ана шундай фикрларни билдирди. Камина эса бу таниқли инсоннинг фикрларини сизларга етказганимдан беҳад хурсандман.

Павел Син.



Категория: Спорт UZ     Нашли ошибку?

Похожие музыки

Похожие клипы

Добавить комментарий

avatar